Бу чоллар ёмон чоллар! Қўлбола усулда пахта ёғи ишлаб чиқарган 76 ёшли отахон судланди
Жиноят ишлари бўйича Денов туман судида муқаддам судланган 76 ёшли шахсга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди.
Маълум қилинишича, 76 ёшли отахон қонунга хилоф равишда мойжувозда ёғ ишлаб чиқаришни йўлга қўйган.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари текширув чоғида 15 килограмм пахта ёғи, 41 килограмм чигит маҳсулоти ва қўлбола жиҳозлар топди.
Суд чоғида маълум бўлишича, судланувчи аввал ҳам худди шундай жиноятда айбланиб, унга 1,5 йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Аммо, у жазо тугашидан 11 ой олдин шартли равишда озодликка чиқарилган.
Суд отахонга ЖКнинг тегишли моддалари билан 4 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Аммо судланувчи суддан енгиллик сўрагани ва унинг ёшини ҳисобга олиб, унга икки йиллик синов муддати берилди. Агар қоидабузарлик такрорланса, у тўрт йилга озодликдан маҳрум қилинади.