Афғонистонда аномал совуқдан ҳалок бўлганлар сони ошиб бормоқда
Афғонистон табиий офатларни бошқариш вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакатда қаттиқ совуқ ва қор туфайли ҳалок бўлганлар сони 70 кишига етган. Бу ҳақда 18 январь куни TOLOnews телеканали хабар берди.
“Дастлабки маълумотларга кўра, қор ёғиши ва совуқ ҳаво туфайли Бодғис, Ғазни, Нимруз, Ғор, Пактика, Ҳирот, Қандаҳор ва Фарёб вилоятларида 70 киши ҳалок бўлган, Сари-Бадғисда эса камида 70 минг бош чорва нобуд бўлган», – деди вазирликнинг фавқулодда операциялар маркази раҳбари мулла Абдулла Муҳаммадий.
Афғонистон бўйлаб аҳоли бу қишнинг совуқлари мисли кўрилмаганини айтишмоқда. Уларнинг фикрича, совуқ мавсумда қурбонлар сонининг кўпайишига қашшоқлик ва ишсизлик сабаб бўлган.
«Биз халқаро ҳамжамият, маҳаллий маъмурият ва ҳамкор ташкилотлардан маҳаллий аҳолига ёрдам беришларини сўраймиз. Ҳаво анча совуқ, халқнинг иқтисодий аҳволи жуда оғир», – деди Бомиён вилоятида яшовчи Муҳаммад Амин Халилий Афғонистон телеканалларидан бирига берган интервьюсида.
«Бундай совуқда иш йўқ, ҳамманинг беш-олти нафар фарзанди бор», – деди Жоузжон вилоятида яшовчи Биби Гул.
«Фарёб вилоятидаги муҳтож оилаларга [гуманитар] ёрдам тарқатишни зудлик билан қайта тиклаш керак», – деди вилоятда яшовчи Роҳуллоҳ Арман.
Охирги 28 кун ичида мамлакатнинг турли ҳудудларида совуқ тўлқиндан жабр кўрган 5 мингга яқин оилага озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат ёрдам тўпламлари тарқатилди, дея хабар беради Табиий офат оқибатларини бартараф этиш вазирлиги вакиллари.