Мактабларда 64 хил касб ўргатилади, хорижлик ўқитувчилар жалб қилинади – Президент топшириғи
Қайд этилишича, Ўзбекистонда 11 йил мактабда ўқиган бола чет тилини мукаммал билмайди. Шароит ва мутахассислар йўқлиги сабабли ёшларни касбларга қизиқтириш муҳити шаклланмаган. Мактаб битирувчиларининг 50 фоизи меҳнат бозорига ҳеч қандай касбга эга бўлмасдан кириб келмоқда.
«Мактабдан касб ва тилни билиб чиққан бола жамиятимизнинг катта ютуғи, билмагани муаммо», деди Шавкат Мирзиёев.
Йиғилишда туман ва маҳаллаларнинг хусусиятидан келиб чиқиб, ўқувчилар мактабнинг ўзида 64 хил ишчи касбларга ўргатилиши таклиф этилди. Шу боис ҳокимликларга танлаб олинган мактабларда касб-ҳунар устахоналари ташкил этиш, уларни жиҳозлаш ва зарур ашёлар билан таъминлаш вазифаси қўйилди. Бунга ёшлар етакчилари ва тадбиркорлар ҳам жалб этилиши, Ёшлар жамғармасидан маблағлар йўналтирилиши белгиланди.
«Ҳозир тадбиркорлар, ишлаб чиқарувчиларни шу масала қийнаяпти: бўш иш жойи кўп, ойлиги ҳам яхши, лекин ўқуви ва кўникмаси бор ишчи йўқ. Агар бу тизим тўғри ташкил қилинса, биздаги демографик ўсиш билан катта натижаларга эришса бўлади», деди давлат раҳбари.
Шунингдек, ўқувчиларни ахборот технологиялари ва «креатив индустрия» бўйича замонавий касбларга ўргатиш муҳимлиги таъкидланди.
Чет тилларини сифатли ўргатиш учун мактабларга «тил эгаси» бўлган педагоглар жалб қилиш, Президент мактабларининг тил ўргатиш тажрибаси, дарслик ва дастурларини татбиқ этиш бўйича кўрсатмалар берилди.