Жиззахда ота қизининг синфдошларини дўппослади
Ижтимоий тармоқда «Жиззах шаҳридаги 11-мактабда 3 нафар ўқувчини синфдош қизнинг отаси аёвсиз дўппослади», изоҳи билан видеотасвирлар тарқалмоқда. Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бу хабарни тасдиқлади.
Маълумотларга кўра, Жиззах шаҳридаги 11-сонли ўрта умумтаълим мактабида рўй берган воқеада жабрланган ўқувчининг онаси ҳолат юзасидан ички ишлар органларига мурожаат қилган. Шу асосида ўтказилган суд-тиббий экспертизаси ўқувчига соғлигининг бузилишига олиб келган тан жароҳати етказилганлигини тасдиқлаган.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро Б.М га нисбатан Жиноят кодексининг 109- моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.