Толибон “Ислом давлати”нинг олий қўмондонларидан бири ўлдирилганини билдирди
2021 йилнинг 15 августида Кобулни босиб олгани ортидан ҳокимиятга келган Толибон ҳаракатининг матбуот котиби Забиуллоҳ Мужоҳид 27 февралда “Ислом давлати” олий қўмондонларидан бири жисмонан йўқ қилинганини билдирди.
28 февралда эълон қилинган Толибон баёнотида таъкидланишича, “Ислом давлати”нинг разведка хизмати раҳбари Қори Фотиҳ ва у билан бирга бўлган жанггари Кобулда ўтказилган махсус амалиёт пайтида ўлдирилган.
Забиуллоҳ Мужоҳид “Ислом давлати”нинг яна бир раҳбари Иёз Амин Ахингар февраль ойида ўлдирилганини қўшимча қилди.
“Ислом давлати”нинг “Хуросон” гуруҳи Толибоннинг рақобатчиси ҳисобланади. Толибон Афғонистон ҳокимиятига келганидан бери мазкур гуруҳ бу мамлакатда қатор террор ҳужумларини амалга оширди.
Толибоннинг бу баёнотига “Ислом давлати” ҳозирча муносабат билдирмади.