“Хитой-Марказий Осиё” саммити кун тартиби тўғрисида маълумот берилди
Яқин кунларда бўлиб ўтадиган “Хитой-Марказий Осиё” саммити ўзаро муносабатлар ривожланиши учун эпохал аҳамиятга эга бўлади, деб билдирди Хитой ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Ван Вэньбинь.
Синьху агентлигининг хабар беришича, расмий вакил 18-19 май кунлари Хитойнинг Сиан шаҳрида ўтказиладиган саммит кун тартиби тўғрисида ҳам маълумот берган. Ван Вэньбинга кўра, саммитга Хитой раиси Си Цзиньпин раислик қилади. Унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон президентлари иштирок этади.
Саммитда президентлар Хитой билан муносабатларни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилади, Хитой-Марказий Осиё ҳамкорлик механизмини шакллантириш юзасидан фикр билдиришади, ўзаро манфаатлар доирасида халқаро ва минтақавий ҳамкорлик масаласини кўриб чиқишади.
Хитойнинг Марказий Осиё давлатлари билан дипломатик муносабатлар ўрнатганига 31 йил бўлди. Бу Хитой ва минтақадаги беш давлат раҳбарларининг 31 йил ичида тўлиқ форматдаги биринчи учрашуви бўлади.
Минтақа президентлари Хитойда 16 майдан 20 майгача бўлиб турадилар ва саммит доирасидан ташқари Хитой раиси Си Циньпин билан икки томонлама музокараларни ўтказадилар.