Қозоғистондаги автоаварияда икки ўзбекистонлик ҳалок бўлди
Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида 16 май куни содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси чоғида Ўзбекистоннинг икки фуқароси ҳаётдан кўз юмган.
Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, автоҳалокат “Самара-Чимкент” автойўлининг 824-километрида рўй берган.
Toyota RAV-4 ва Chevrolet Lacetti автомашиналари тўқнашуви оқибатида Lacetti ҳайдовчиси ва ёнидаги йўловчи воқеа жойида жон берган – қурбонларнинг иккаласи ҳам ўзбекистонлик. Шунингдек, автоҳалокат ортидан Lacetti’даги уч йўловчи ҳамда Toyota’даги эр-хотин ва уларнинг беш яшар боласи касалхонага етказилган.
Хабарномада маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари автоавария юзасидан тергов ҳаракатларини олиб бораётгани қўшимча қилинган.