Тошкент метросида ўсмир қизга шилқимлик қилган шахс беш суткага қамалди
Тошкент шаҳар Чилонзор туман жиноят ишлари бўйича суди 12 май куни метрода ўсмир қизга "шаҳвоний шилқимлик қилган шахсга" беш сутка маъмурий қамоқ жазосини қўллади. Бундан ташқари судланувчига давлат фойдасига 225 минг жарима тўлаш мажбуриятини юклади. Бу ҳақда 16 май куни “Nemolchi.uz” лойиҳаси маълум қилди. Бу хабарни “Газета уз”га Олий суд матбуот хизмати ҳам тасдиқлади.
Хабарда айтилишича, 10 май куни 24 ёшли Ж.Ш., метро вагонида ўсмир қизнинг танасига қўл теккизиб “шаҳвоний шилқимлик қилган”. Қиз бу ҳақда дарҳол метро ходимларига маълум қилгани ортидан шилқим қўлга олинган. Судда Ж.Ш., ўз айбини тан олган ва енгилроқ жазо белгилашни илтимос қилган.
Тергов Ж.Ш., ни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) асосида айблаган. Бироқ судья Ж.Ш.,ни 41−1-модда (шаҳвоний шилқимлик қилиш) билан айбдор деб топган.
Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда аёлларга нисбатан жинсий тажовуз ва турли кўринишдаги зўравонликлар қилинаётгани оид хабарлар тез-тез пайдо бўла бошлади. Бир неча кун олдин ижтимоий тармоқларда уч-тўрт нафар эркак автомашина ҳайдаб кетаётган қизни тўхтатиб, гуруҳ бўлиб зўрлаганига оид маълумотлар тарқалган эди.
Яқинда Тошкент вилояти Янгийўл туманида 19 ёшли йигит вояга етмаган қизни 10 кун бўш уйда сақлаб зўрлагани хабар қилинди. Апрелда эса Хоразмда давлат амалдорлари оилавий болалар уйида тарбияланаётган вояга етмаган қизларни 10 ой давомида зўрлаб келгани тўғрисидаги хабарлар жамоатчилик орасида катта шов-шувга сабаб бўлган эди.
Бунинг ортидан аввалги суд инстанцияси озодликдан чеклаш жазосини қўллаган собиқ амалдорлар иши юқори суд инстанциясида қайта кўриб чиқиладиган бўлган.
6 апрель куни Ўзбекистон Сенати аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликлар қилганларга нисбатан жазо чоралари кучайтирилган қонун лойиҳасини маъқуллаган эди. 11 апрель куни эса президент Мирзиёев қонунни имзолаган.
Мазкур қонунга асосан аёл-қизлар ва болаларга жинсий зўравонлик қилганлар муддатидан аввал озод қилинмайди, жазоси енгиллаштирилмайди. Бундан ташқари, жинсий зўравонларнинг рўйхати тузилади.