Пашинян: Арманистон Тоғли Қорабоғни Озарбайжон ҳудуди сифатида тан олишга тайёр
Арманистон бош вазири Никол Пашинян Ереван Тоғли Қорабоғни Озарбайжон ҳудуди сифатида тан олишга тайёрлигини билдирди. 22 май куни ўтган матбуот анжуманида Пашинян бунинг учун Баку Тоғли Қорабоғда яшаётган этник арманлар хавфсизлигини таъминлашни кафолатлаши лозимлигини айтди.
Пашинянга кўра, Арманистон Озарбайжон ҳудудини, Тоғли Қорабоғни қўшиб ҳисоблаганда, 86 600 квадрат километр ўлчамида тан олади. Бу ҳолатда Озарбайжон ҳам Арманистон ҳудудини 29 800 квадрат километр ўлчамида тан олиши шарт бўлади.
Пашинян Тоғли Қорабоғдаги этник арманлар хавфсизлиги масаласи “Баку ва Степанакерт музокаралари доирасида” муҳокама қилиниши лозим (Степанакертнинг Озарбайжонча номланиши Ханкенди) деб ҳисоблайди. Арманистон бош вазири Тоғли Қорабоғдаги арманлар ҳуқуқларининг таъминланиши “унухтилиб қолмаслиги” ва Озарбайжон “этник тозалаш ва геноцид” сиёсатини олиб бормаслиги учун халқаро даражада кафолатлар берилиши шартлигини таъкидлади.
Пашинян матбуот анжуманида Арманистон Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти ўз мажбуриятларини бажармаяпти деган хулосага келган тақдирда мазкур ташкилотдан чиқишини айтди. Унга кўра, бу масала ҳозирда кун тартибида мавжуд ва у муҳокама этилмоқда.
Арманистон ва Озарбайжон Тоғли Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро уруш ҳолатидадир. Халқаро ҳамжамият томонидан Тоғли Қорабоғ Озарбайжон ҳудуди сифатида тан олинади. Бу ҳудуд учун 1988-1994 йиллардаги урушда 30 минг киши ҳалок бўлган. Ўшанда минтақанинг асосий ҳудуди арманлар назорати остига ўтган ва юз минглаб озарбайжонлар ўз уйларини ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлганди.
2020 йилнинг кузида давом этган 40 кунлик уруш натижасида Озарбайжон Тоғли Қорабоғни ўзига қайтарди.