Тожикистон Суриядан юздан ортиқ аёл ва болани қайтарди
Тожикистон “Ислом давлати” гуруҳи таркибида жанг қилганларнинг хотинлари ва болаларини Суриядан ватанига қайтарди. Озодлик радиоси тожик хизматининг ёзишича, Тожикистоннинг Сурия ва Қувайтдаги элчиси Зубайдулло Зубайдзода махсус самолёт билан Душанбега 21 май куни кечқурун 31 аёл ва 73 нафар балоғатга етмаган бола қайтарилганини билдирди.
Аёлларнинг кўпчилиги Сурия ва Ироққа 2014-2016 йилларда эрларининг ортидан бориб қолгани айтилмоқда. “Ислом давлати” гуруҳи мағлуб этилганидан сўнг улар Суриядаги лагерларда сақланаётган эди.
Тожикистон ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Абдуғаффор Камол улар реабилитация ва даволаниш учун “махсус жойга жойлаштирилиши”ни айтди. Унга кўра, тожикистонликлар билан бир қаторда Қозоғистоннинг беш фуқароси ҳам олиб келинганини маълум қилди.
Ўтган йилнинг июлида Суриядаги лагерлардан Тожикистоннинг 146 фуқароси бўлган аёллар ва боллар олиб келинган эди. Ўшанда расмий Душанбе Сурияда яна 500 нафар тожик фуқароси қолаётганини билдирган.