Россиянинг Душанбедаги элчиси Тожикистон ТИВга чақиртирилди
Россиянинг Тожикистондаги элчиси Семён Григорьев Россияда тожикистонликларнинг оммавий қўлга олинаётгани юзасидан “хавотир изҳор этиш учун” 24 май куни Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигига чақирилган.
ТИВ хабарномасига кўра, чоршанба кунги учрашувда Россиянинг Хабаровск ўлкасида рўй берган нохуш ҳодиса ҳам муҳокама этилган.
Аввалроқ Озодлик Амур бўйидаги Комсомольск шаҳрида университетда таҳсил олаётган тожикистонлик талабалар ётоқхонада маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан калтаклангани, ОМОН рейди чоғида 100 дан зиёд талаба жабрлангани ҳақида хабар қилган эди.
Университет ректори Эдуард Дмитриев талабалар ёппасига калтакланганини рад этган, у воқеани “миграция хизмати рейди чоғида талабаларнинг текширувчилар билан бўлган можароси” дея таърифлаган.
Душанбелик мулозимлар бу каби нохуш кўринишлар Тожикистон-Россия ҳамкорлиги руҳига уйғун эмаслигини ва таълим соҳасидаги бундан буёнги ҳамкорликка путур етказиши мумкинлигини урғуланганлар.
Озодликнинг тожик хизмати Россиянинг турли ҳудудларидан ўтказилган рейдлар, тожикистонлик мигрантларнинг калтакланиши ва таҳқирланиши акс этган ўнлаб янги видео олгани ҳақида хабар қилган.