Миллий гвардия Самарқанддаги госпиталда муддатли ҳарбий хизмат ўтаётган аскар ўлганини тасдиқлади
Жорий йилнинг 15 июнь куни Самарқанд ҳарбий госпиталида Миллий гвардиянинг Жиззах вилояти бўйича бошқармасида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб келган аскар вафот этган.
Миллий гвардия матбуот хизмати қайдича, оддий аскар Т.О. 6 июнь куни бошқарма тиббиёт бўлими фельшдерига ошқозонида оғриётганидан шикоят қилган. 7 июнь куни бемор аскар Самарқанд ҳарбий госпиталига олиб борилиб, тиббий кўрикдан ўтказилган ва терапевт врачнинг “Сурункали гастродуодинит қўзиш даври” ташхиси билан терапия бўлимига станционар даволаниш учун ётқизилган.
Ўтган пайшанба куни соат 14:00 лар атрофида аҳволи оғирлашган бемор аскар ҳарбий госпиталда жон берган.
“Ўтказилган суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра Т.О.да “Ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги” сабабли тўсатдан ўлим ҳолати қайд этилган”, дейилган Миллий гвардия хабарномасида айни пайтда мазкур ҳолат бўйича Самарқанд вилояти Ҳарбий прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилаётгани қўшимча қилинган.
Миллий гвардия ўз хабарномасида марҳум аскарнинг ёши, унинг қайси вилоятдан бўлгани ва қачондан бери хизмат қилаётганига оид маълумотларни келтирган эмас.