Беларусь мухолифатчи Низомиддин Насриддиновни Душанбега топширди
Беларусь ҳукумати Тожикистонга мухолифатчи Низомиддин Насриддиновни экстрадиция қилди. Бу ҳақда мухолифатчининг Германиядаги қариндошларига унинг адвокати хабар берган, деб ёзди Озодлик радиоси тожик хизмати.
Ҳозирча Насриддиновнинг экстрадиция қилингани тўғрисида Беларусь ҳукумати ҳам, Тожикистон ҳукумати ҳам маълумот бермади. Бироқ мухолифатчининг акаси Саидризо Насриддинов Беларусь Бош прокуратураси бу хабарни тасдиқлаганини билдирди.
Тожикистонда Насриддинов 2016- йилларда мамлакатда тақиқланган “Группа 24” ва Ислом уйғониш партиялари материалларини ижтимоий тармоқларда тарқатганликда айбланмоқда. Унга нисбатан Жиноят кодексининг экстремизм ва экстремистик фаолиятни оқлаш моддаси асосида жиноят иши очилган. Мухолифатчи бу айблов асосида уч йилдан беш йилгача қамалиши мумкин. 2017 йилдан Насриддинов Тожикистон президенти ва ҳукумати танқид қилинган видеоларини ижтимоий тармоқларда тарқата бошлаган.
Низомиддин Насриддинов 2015 йилдан бери Германияда яшаб келади. Немис ҳукумати унга ва оиласига сиёсий бошпана берган. У 2023 йилнинг январида Беларусь чегарасидан ўтаётганида Душанбе сўрови билан қўлга олинган.
21 март куни Human Rights Watch, Хельсинки қўмитаси, “Вясна” маркази каби тўққизта нуфузли ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари Минскни Насреддиновни Душанбега топширмасликка чақирган.