Қозоғистон расмийлари: Россия буғдойи нолегал йўллар билан Ўзбекистон ва Афғонистонга сотилган
Қозоғистоннинг Павлодар вилоятида Россия буғдойини Марказий Осиё мамлакатлари ва Афғонистонга нолегал тарзда олиб киришга оид схема фош этилган. Бу ҳақда Қозоғистон Молиявий мониторинг агентлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Қайд этилишича, гумонланувчи шахс 2021-2022 йилларда Қозоғистон орқали Ўзбекистон, Тожикистон ва Афғонистонга Россияда етиштирилган 26 минг тонна буғдойни экспорт қилган.
Мазкур буғдойни у ҳужжатларда Қозоғистонники деб кўрсатиш орқали транзит ҳақи тўламай, хазинага умумий ҳисобда 460 миллион тенге (1 миллион АҚШ долларидан кўпроқ – таҳр.) зарар етказган.
Сохта ҳисобварақ-фактура орқали ўтказилган буғдойнинг умумий қиймати 1 миллиард тенгедан ошгани айтилган.
Мазкур ҳолат юзасидан судгача тергов жараёни якунланган, бунга оид бошқа маълумотлар, шу жумладан схемани ташкил этган шахснинг қайси давлат фуқароси экани очиқланмаган.