Мирзиёев Фарғонада ИИВ ва прокуратура тизимида ишлаётган қатор раҳбарларни ишдан олди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 28 июль куни Фарғона шаҳрида бўлиб ўтган Ички ишлар вазирлигининг кенгайтирилган ҳайъат йиғилишида ИИВ ва прокуратура тизимида раҳбар лавозимда ишлаётган қатор мулозимларнинг ишдан бўшатилганини эълон қилди.
Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Мирзиёев “жиноятчиликка қарши курашишда сусткашликка йўл қўйган”и учун Сергели, Янгиҳаёт, Шайхонтоҳур, Ғиждувон, Когон, Тупроққалъа, Тахтакўпир, Томди, Яккабоғ, Олтинсой, Зафаробод, Боёвут, Гулистон, Мингбулоқ ва Олтинкўл туманлари ички ишлар бошлиқларини ҳамда Андижон, Бандихон, Бувайда, Нарпай в аЮнусобод туманлари прокурорларини эгаллаб турган лавозимидан озод қилган.
Йиғилишда жиноятчиликни жиловлаш ва аҳоли билан ишлашда сусткашликка йўл қўйганлиги учун Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Б. Валиев, ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Ш. Раҳмоновга, маҳаллада профилактика инспекторлари ишини лозим даражада ташкил қилмагани учун, ички ишлар вазирининг ушбу соҳага масъул ўринбосари Б. Абдуллаевга ҳайфсан эълон қилинган ва уч ой синов муддати тайинланган. Шунингдек, барча вилоят прокурорлари ва ИИБ бошлиқларининг биринчи ўринбосарлари ўзига тегишли хулоса қилмаса, йил якуни билан барчаси лавозимидан озод этилиши қайд этилган.
ИИВ тизимида рақамлаштириш аҳволи қониқарсизлигини танқид қилган президент ички ишлар вазирининг бу масалалар учун масъул ўринбосари зиммасига юклатилган бирорта вазифа охиригача етказилмагани, шу муносабат билан вазир ўринбосари Н. Тўрахўжаев эгаллаб турган лавозимидан озод қилинишини билдирган.
Фарғонадаги йиғилишда президент Ўзбекистон бўйлаб криминоген вазият мураккаб бўлган, “қизил” тоифага киритилган маҳаллалар энг кўп Тошкент шаҳри, Фарғона, Қашқадарё, Бухоро ва Наманган вилоятларига тўғри келгани таъкидлаган.
Унга кўра, ўтган олти ойда маҳалладаги ўта оғир ва оғир жиноятлар Фарғона, Тошкент вилояти, Тошкент шаҳри, Бухоро, Андижон ва Қашқадарё вилоятларида энг кўп содир этилган.
“Фарғона шаҳрида ўғрилик, Наманган шаҳрида безорилик, Қўқон шаҳрида тан жароҳати, Самарқанд шаҳрида номусга тегиш ва товламачилик, Миробод туманида қотиллик кўп юз берган”, деган Шавкат Мирзиёев.
Президент ўтган олти ойда маҳаллаларда барвақт олдини олиш мумкин бўлган 12 мингга яқин жиноят содир этилгани, қотиллик ва тан жароҳати билан боғлиқ жиноятларнинг 50 фоизи оилавий-маиший низолар ва мунтазам жанжаллар оқибатида, ўғриликнинг 70 фоизи ишсизлик ва моддий етишмовчилик сабаб, ёшлар ва ўсмирлар жиноятлари, асосан, оиладаги муҳит ва ҳуқуқий саводхонлик етишмаслиги туфайли содир бўлаётганини урғулаган.
Мирзиёевга кўра, айрим ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари жиноятчиликни олдини олишда жиловни қўйиб юборган.
“Улар орасида шахсий манфаатларини касбий мажбуриятларидан устун кўраётган, ҳуқуқ-тартибот идораларида ишлашга номуносиб бўлган бир қатор раҳбарлар ҳам бор”, деган президент.