Истанбулда сув тошқини оқибатида камида бир киши ҳалок бўлди (ВИДЕО)
Истанбулда 5 сентябрь куни кечқурун кучли жала оқибатида юз берган сув тошқинида камида бир киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда CentralAsia Истанбул ҳокимиятига таянган ҳолда хабар тарқатди.
“Башақшеҳир туманида бир одам селга чўкиб ҳалок бўлди”, деб билдирган TRT Haber.
Истанбул мэри Экрем Имомўғлининг айтишича, айрим ҳудудларда бирданига бир квадрат метр ҳудудга 150 кило ёмғир ёққан. Мэр шаҳар ҳокимияти бундай вазиятга тайёр бўлмаганини тан олди. Унга кўра, табиий офат оқибатларини бартараф этишга тегишли хизматларнинг икки ярим минг ишчиси жалб қилинган.
Сув тошқинидан асосан Арнавутқўй ва Башақшеҳир зарар кўргани ҳақида TRT Haber маълум қилди. Башақшеҳирнинг айрим кўчаларидаги автомашиналарни сел оқизиб кетмоқда. Бу ердаги кутубхонада айрим одамлар қамалиб қолди. Кейинроқ улар эвакуация қилиниб, туман ҳокимлиги биносига олиб келинган.
Кучли жала оқибатида Истанбул метросининг бир бекати, Эйюп—Пьер Лоти фуникулёри иши тўхтатилди. Истанбул аэропорти матбуот хизмати жала оқибатида айрим рейслар учмай қолгани тўғрисида билдирди.