Ҳоким Ботир Зарипов Бухорода икки йил ичида ишсизликни тугатиш иддаоси билан чиқди
Бухоро ҳокими Ботир Зарипов вилоятни 2025 йилгача аҳолиси тўлиқ иш билан таъминланган ҳудудга айлантириш иддаоси билан чиқди. Президент матбуот хизматининг билдиришича, 6 сентябрь куни президент Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятида аҳоли бандлигини таъминлашга доир таклифлар тақдимоти билан онлайн танишди.
Тақдимотни ўтказган Зарипов ҳозирги кунда Бухоро вилоятида меҳнатга лаёқатли аҳоли сони 1 миллиондан зиёд экани ва шулардан 76 минг нафари ишсизлигини айтган. Ҳокимга кўра, йил сайин меҳнат бозорига 37 мингга яқин ёш кириб келмоқда
Ишсизликни тугатиш мақсадида 11 та пахта-тўқимачилик ва ғаллачилик кластерлари ва қишлоқ хўжалигида 94 мингта, шу жумладан, касаначиликни ривожлантириш орқали 19 мингта иш ўрни очилиши режалаштирилмоқда.
“Умуман, ушбу чора-тадбирлар натижасида жорий йилда 250 мингта иш ўрни яратилиши, 2023-2025 йилларда Бухоро вилояти аҳолиси тўлиқ иш билан таъминланган ҳудудга айлантирилиши қайд этилди”, - дейилади расмий хабарда.
Президент Шавкат Мирзиёев 2 август куни Тошкент вилоятига ташрифи доирасида ўтказган видеоселекторда йил охиригача қолган беш ой ичида 2 миллион аҳоли бандлигини таъминлаш, 55 минг нафар ўзини ўзи банд қилганларни кичик бизнес субъектига айлантириш тўғрисида кўрсатма берган эди.
Иқтисодчи экспертлар беш ойлик муддат ичида бу топшириқларни бажариш мутлақо мумкин эмаслигини ва шунинг учун бу режалар қоғозда қолиб кетиши ёки ҳукумат мансабдорларига турли кўзбзўямачиликлар учун омил яратиши мумкинлигини айтадилар.