Умра зиёратига йўл олган кекса ўзбек зиёратчиларининг «Шаржа» аэропортида соғлиги оғирлашиб қолди
Ижтимоий тармоқларда икки нафар кекса ёшдаги Ўзбекистон фуқароси Умра сафарига кетаётган чоғида «Шаржа» халқаро аэропортининг транзит йўловчилар ҳудудида соғлиги ёмонлашиб қолгани ва Шаржа амирлигининг «Ал Қосимия» шифохонасига шошилинч тарзда ётқизилгани ҳақида хабарлар тарқалди.
«Дунё» АА маълум қилишича, юртдошларимиз жорий йил 26 сентябрь куни Умра сафарини бажариш учун «Madina Muslim Tours» хусусий сайёҳлик ширкати орқали «Наманган–Шаржа–Мадина–Шаржа–Наманган» йўналиши бўйича ҳаво қатновига чипта олишган, уларга ширкат томонидан масъул бўлган вакил – «Эллик боши» томонидан лозим даражада эътибор кўрсатилмаган.
Ўзбекистоннинг Дубай шаҳридаги Бош консулхона ходимлари қийин аҳволда қолган кекса ёшдаги ҳамюртларимизга ёрдам бериш ва уларни Ватанга қайтариш мақсадида «Ал Қосимия» шифохонаси масъуллари ҳамда Шаржа халқаро аэропортининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари масъул ходимлари билан музокаралар ўтказишди.
Бунинг натижасида мамлакатимиз фуқароларига шифохонага тўланиши лозим бўлган 4400 АҚШ долларидан воз кечиш ва Шарджа–Тошкент йўналиши бўйича бепул авиачипта билан таъминлаш бўйича келишувга эришилди. Шу тариқа ҳамюртларимиз Ватанга қайтарилди.