Ғазога биринчи гуманитар ёрдам карвони етиб борди
Кеча, 21 октябр куни 20 та юк машинасидан иборат гуманитар карвон Рафаҳ назорат пункти орқали Ғазо секторига жўнаб кетганди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ахборот хизматининг маълум қилишича, ғазоликлар учун асосий озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлардан иборат гуманитар ёрдам манзилга мувафаққиятли етиб борган.
Маълум қилинишича, UNICEF болалар ташкилоти юкнинг бир қисми сифатида 44 минг шишадан ортиқ ичимлик суви (бу 1 кунга атиги 22 минг кишига етади) етказиб берган. Товарлар БМТ кўмагида Фаластин Қизил Ярим Ой жамияти ходимлари томонидан қабул қилиб олинган.
БМТнинг Фавқулодда ёрдам координатори Мартин Гриффитсга кўра, биринчи ёрдам етказилиши Ғазо аҳолисини озиқ-овқат, сув, дори-дармон ва ёқилғи каби зарурий маҳсулотлар билан таъминлаш учун доимий ва хавфсиз йўл очилишига имкон беради. Бироқ ҳозирча Исроил ёқилғи етказиб беришга рухсат бермаяпти.
“Биринчи сув захиралари чекланган миқдорда бўлса ҳам, ҳаётни сақлаб қолади, аммо сувга, озиқ-овқат, ёқилғи, дори-дармон, зарур товарлар ва хизматларга бўлган эҳтиёж жуда катта. Агар биз инсонпарварлик ёрдамини таъминлай олмасак, ҳаётга хавф туғдирувчи касалликлар тарқалишининг ҳақиқий таҳдидига дуч келамиз”, дейди UNICEF ижрочи директори Кетрин Рассел.