Эронда полицияга олиб кетилганидан сўнг ўлган 16 ёшли Армита Гераванд дафн этилди
Эронда 16 яшар теҳронлик Армита Гераванд дафн этилди. Уни дафн қилиш маросими хавфсизлик чоралари кучайтирилган тарзда ўтказилди. Ҳозирча тасдиқланмаган маълумотларга қараганда, Гераванднинг икки қариндоши ва яна бир неча киши Теҳрон жанубидаги Беҳиште Захра қабристонида ўтаётган маросим пайтида полиция томонидан ушлаб кетилган.
“Фарда” радиосининг хабар беришича, дафн маросими пайтида адвокат ва ҳуқуқбон Насрин Сотуде ҳам қўлга олинган ва калтакланган бўлиши мумкин. Сотуде бундан аввал ҳам мухолифатчиларни ва ҳижоб ўрамагани учун жавобгарликка тортилган аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилгани учун қамалган эди.
CNN 25 октябрда ҳижоби йўқлиги учун ахлоқ полицияси томонидан қўлга олинган Армита Гераванд кома ҳолатига тушиб қолгани тўғрисида хабар тарқатганди. Эрон ҳукуматига қарашли Borna.news агентлигининг ёзишича, Гераванд касалхоннинг жонлантириш бўлимида бир ҳафта ётганидан сўнг хушига келмай вафот этган.
Расмий хабарда қиз қон босими тушиб кетгани ортидан метрода хушидан кетгани, боши ёрилиб, мияси чайқалгани оқибатида комага тушиб қолгани иддао қилинади. Ҳуқуқ фаоллари эса, у полицияга ҳижоб киймагани учун олиб кетилгани ва шундан сўнг вафот этганини айтмоқдалар. Hengaw ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотининг билдиришича, қизга полиция бўлимида куч қўлланилган.
2022 йилнинг сентябрида 22 ёшли Махси Аминий “ҳижобни нотўғри ўрагани учун” аҳлоқ полицияси томонидан қўлга олинганидан сўнг вафот этган эди. Бу эса Эронда бир неча ойга чўзилган норозилик намойшлари бошланиб кетишига сабаб бўлганди.
Намойишларда иштирок этган минглаб киши ҳибсга олинди, айрим норозилар эса дорга осилди. Халқаро ташкилотлар намойишларни куч билан бостириш пайтида камида 500 киши ҳалок бўлганини маълум қилган.
Эрон суди камида 11 нафар намойишчига нисбатан ўлим ҳукми чиқарган. Намойишлар чоғида қарийб 15 минг киши куч ишлатар тузилмалар ходимлари томонидан тутиб кетилган.