Одил судловга эришиш даражасини оширишга хизмат қилувчи ҳужжат
Жиноят ишлари бўйича Булоқбоши тумани суди томонидан суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчилик билан боғлиқ янгиликлар мазмун-моҳиятига бағишланган тадбир ташкил этилди. Унда маҳаллий ҳокимлик, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Суд раиси Шоҳруҳ Ваҳобов 2023 йил 27 сентябрь куни қабул қилинган «Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун моҳияти юзасидан йиғилганларга тушунчалар берди.
Жумладан, мазкур ҳужжат билан 2024 йил 1 январдан жорий этилиши кутилаётган ўзгаришлар хусусида сўз юритилди. Қайд этилганидек, Жиноят-процессуал кодекси ҳукмларнинг, ажримларнинг, қарорларнинг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текширишнинг умумий шартлари ҳамда суднинг ҳукми, ажрими устидан тафтиш тартибида шикоят (протест) беришга оид боблар билан тўлдирилди.
Тадбир қатнашчилари янгиланаётган тартиб-таомиллар хусусида кенг маълумотга эга бўлдилар.
Шунингдек, Марҳамат тумани ички ишлар бошқармасида ҳам мазкур қонун тарғиботига бағишланган семинар ташкил этилди. Унда жиноят ишлари бўйича Марҳамат тумани суди раиси Абдурашид Исақов Жиноят-процессуал кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар юзасидан фикр-мулоҳазаларини баён қилиб, иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.