Қозоғистонда 10 йил олдин судланган амалдор оқланиб, ўз лавозимига тикланди

Фото: Тime.kz

Қозоғистонда 10 йил аввал судланган амалдор оқланиб, ўз лавозимига тикланди Бу ҳақда Tengrinews хабар берди.

Қарағанда вилоятида 10 йил аввал мансаб ваколатини суиистеъмол қилгани учун судланган Мурат Каракекилов меҳнат инспекцияси бўлими бошлиғи лавозимига қайта тикланган. У суд орқали оқланган ва лавозимига қайтадан киришган.

Суд идораси маълумотларига кўра, Каракекилов 2014 йилда Жиноят кодексининг 308-моддаси 2-қисми “Мансаб ваколатларини ҳаддан ташқари ошириб юбориш” билан жиноий жавобгарликка тортилган. У айбдор деб топилиб, 1,2 миллион тенге жарима тўлашга ҳукм қилинган. 2015 йил апрель ойида у давлат хизматидан бўшатилган.

Саккиз йил ўтиб, 2022 йил декабрида Олий суд Мурат Каракекилов хатти-ҳаракатларида жиноят излари йўқлиги сабабли биринчи инстанция судининг ҳукмини бекор қилиш ва унга нисбатан иш юритишни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган. Олий суд, шунингдек, унинг ноқонуний жавобгарликка тортиш натижасида етказилган зарарни қоплаш ҳуқуқини ҳам тан олган.

Ҳукм бекор қилинганидан сўнг, 2023 йил январида Мурат Каракекилов меҳнат ҳуқуқларини тиклаш учун Қарағанда вилояти ҳокимига ариза топширган. Лекин март ойида вилоятда бўш иш ўринлари йўқ деган жавоб олган.

Шундан сўнг амалдор Қарағанданинг Қозибекбий тумани 2-сонли судига даъво аризаси билан мурожаат қилган. У Қарағанда вилояти ҳокимининг 2015 йил апрель ойида чиқарилган ишдан бўшатиш тўғрисидаги фармойиши бекор қилиниб, аввалги ёки унга тенглаштирилган лавозимига тиклашни сўраган. Шунингдек, даъвогар Молия вазирлигидан 30 миллион тенге (66 минг доллардан ортиқ) миқдорида маънавий зарарни қоплашни талаб қилган.

2023 йилнинг ёзида Қозибекбий тумани 2-сонли суди даъвогар фойдасига иккита қарор қабул қилган. Суд Қарағанда вилояти ҳокимига даъвогарни ўз лавозимига тиклаш, Молия вазирлигига эса 3 миллион тенге миқдорида товон тўлаш мажбуриятини юклаган.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида Қарағанда вилояти ҳокимлиги Қозибекбий туман 2-сонли судининг қарори устидан шикоят қилган. Ҳокимлик вакили суд актини бекор қилишни сўраган. Апелляция комиссияси Молия вазирлигидан товон ундириш бўйича иккинчи қарорни ҳам кўриб чиққан.

Натижада Қарағанда вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати Молия вазирлигидан 3 миллион тенге ундириш тўғрисидаги қарорни ўзгаришсиз ўз кучида қолдирган. Суд, шунингдек, биринчи инстанция судининг Мурат Каракекиловни унга тенглаштирилган лавозимга қайта тиклаш ҳақидаги қарорини бекор қилиб, ҳокимликка уни вилоят меҳнат инспекцияси бўлими бошлиғи лавозимига тиклашни буюрган.