Нью Йорк метросида номаълум эркак аёлни ёқиб юборди
0
Нью Йорк полицияси Бруклиндаги Кони Айленд Стилуэлл авеню метро бекатида аёлни ёқиб юборган эркакни қўлга олди. Аёл олган тан жароҳатидан вафот этди, дея BBC хабар берди.
Полиция комиссари Жессика Тишнинг аниқлик киритишича, мазкур жиноят 22 декабрь куни соат 07:30 да, поезд бекатга яқинлашаётган пайтда содир бўлган. Ўша вақтда эркак ўзига нотаниш аёлга яқинлашиб, унинг кийимларини ўт олдиргич билан ёқиб юборган.
Полиция аёлнинг ҳужум пайтида ухлаган ёки ухламаганини аниқ билмаса-да, унинг ҳаракатсиз бўлганлиги маълум қилган. Ёндиришни амалга оширгач, эркак поезддан тушиб кетган, шундан сўнг ҳодиса жойига бекатдан полиция ходимлари келиб, тутунни кўрган.
“Поездда бутунлай оловга ўралган инсон бор эди”, деди Тиш.
Комиссар содир этилган жиноятни “инсон қилиши мумкин бўлган энг разил жиноятлардан бири” деб таърифлаган.
“Воқеа жойига етиб келган полиция ходимлари бундан бехабар эди, бироқ ўша пайтда гумонланувчи ҳали ҳодиса жойида бўлган. У платформадаги ўриндиқда, айнан шу вагон рўпарасида ўтирган эди”, дея тушунтирди комиссар.
Полиция гумонланувчи ҳақидаги маълумот учун 10 минг доллар миқдорида мукофот эълон қилди.
Эркакни қўлга олишда полицияга қўнғироқ қилиб, уни поездларнинг бирида кўрганларини айтган мактаб ўқувчилари ёрдам берди.
Шундан сўнг полиция ходимлари гумонланувчини поездларда қидира бошлади ва уни Манхеттендаги машҳур Эмпаяр-Стейт-Билдинг осмонўпар биноси яқинида жойлашган “Геролд-сквер” бекатида топишди. CBS News хабарига кўра, гумонланувчи 2018 йилда Гватемаладан АҚШга келган.
Унга ҳозирча айблов қўйилмаган, терговчилар эркакни сўроқ қилишни давом эттирмоқда ва ҳужум сабабини аниқлашга ҳаракат қилмоқда.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужумчи ва жабрланувчи таниш бўлмаган. Воқеа содир бўлишидан олдин улар бир-бирлари билан суҳбатлашмаган.