Билл Гейтс фарзандларига мерос қолдирмайди — миллиардлар кимга кетади?
0
Forbes маълумотига кўра, Microsoft асосчисининг бойлиги ҳозирда 101 миллиард доллардан ортиқ. Аммо Гейтс бу маблағларнинг асосий қисмини фарзандларига эмас, инсониятга фойда келтирадиган лойиҳаларга йўналтириш ниятида.
“Сулола яратиш ниятим йўқ” — Гейтснинг позицияси
Ҳиндистонлик подкастчи Ражу Шамани билан суҳбатда Билл Гейтс шундай деди:
“Фарзандларимга ажойиб болалик ва таълим имкониятларини яратдим. Аммо улар бойлигимнинг 1 фоиздан кам қисмини олишади, чунки бу улар учун яхшилик бўлмаслигини англаб етдим. Мен сулола яратишни истамайман. Мен улардан Microsoft'ни бошқаришни сўраганим йўқ.”
Мақсад — бойликни инсониятга хизмат қилдириш
Гейтснинг асосий эътибори Gates Foundation жамғармасига қаратилади. У 2000 йилда собиқ турмуш ўртоғи Мелинда билан бирга ташкил этган бу жамғарма ҳозирда дунёдаги энг йирик хусусий хайрия ташкилотларидан бири ҳисобланади.
Фаолият йўналишлари — соғлиқни сақлаш, таълим ва қашшоқликни камайтириш. Жамғарма Африка ва Осиё давлатларидаги минглаб инсонлар ҳаётини яхшилашга ҳисса қўшмоқда.
“Муҳими — меҳр ва тушуниш”
Билл Гейтс фарзандларининг молиявий жиҳатдан чексиз имкониятларга эмас, балки инсоний қадриятларга таянишини истайди:
“Болалар сизнинг муҳаббатингиз ва қўллаб-қувватловингизга шубҳа қилмаслиги керак. Шунинг учун уларга ёшликдан ўз фалсафангизни тушунтиринг: сиз уларга тенг имконият берасиз, лекин катта пуллар эҳтиёжмандларга йўналтирилади.”
Гейтс таъкидлашича, фарзандлари бу қарорни тўлиқ тушунади ва қўллаб-қувватлайди.
Билл Гейтснинг ҳаракати бутун дунёдаги бой инсонлар учун ўрнак бўлиши мумкин. Унинг фалсафаси оддий: бойлик — бу мақсад эмас, восита. Агар у дунёдаги ҳаётни яхшилашга хизмат қилса, ана шунда унинг ҳақиқий қиймати юзага чиқади.
