Наманганда кўмир коррупцияси фош этилгани маълум бўлди
Наманган вилоятида "Кумир таъминот" МЧЖ ҳудудий филиалининг мансабдор шахсига нисбатан катта миқдорда пора олишда гумон қилиниб, жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Podrobno.uz хабар беради.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари маълумотларига кўра, филиал бошлиғи ўринбосари фуқародан уни вилоятдаги кўмир омбори раҳбари лавозимига тайинлаш учун 40 минг доллар талаб қилган. Шунингдек, у юқори лавозимдаги танишларига таяниб, омборга келадиган кўмир вагонлари сонини оширишни ваъда қилган.
Жорий йилнинг 6 декабрь куни гумонланувчи филиал ходими орқали талаб қилинган сумманинг биринчи қисми — 25 минг долларни олган ва фуқаронинг омбор бошлиғи лавозимига тайинланишини таъминлаган. Кейинчалик, мансабдор шахс қолган 15 минг долларни, шунингдек, қўшимча 30 вагон кўмир юбориш учун 7,5 минг доллар талаб қилган.
Жами 22,5 минг долларни воситачи орқали олаётган вақтида, гумонланувчилар Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан қўлга олинган. Ҳозирда улар устидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик), 4-қисми, "а" банди ва 211-моддаси, 3-қисми, "а" банди бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Уларни қамоққа олиш чорасига қарор қилинган. Қайд этилишича, кўрилган чоралар натижасида аҳолига кўмир етказиб бериш ўз вақтида ва имтиёзли нархларда амалга оширилган.
