2026 йилдан 100 минг техникум талабасига стипендия берилади
Олий Мажлис ва халққа йўлланган навбатдаги мурожаатда президент Шавкат Мирзиёев ўрта махсус таълим тизимини тубдан янгилаш режасини очиқлади. Давлат раҳбари ёшлар шунчаки касб эгаллаб қолмасдан, халқаро меҳнат бозорида рақобатчилардaн бир қадам олдинда юриши кераклигини таъкидлади. Бу ҳақда upl.uz хабар беради.
Ислоҳотнинг асосий “драйвери” сифатида техникумларни капитал таъмирлаш ва замонавий жиҳозлар билан қайта қуроллантириш дастури ишга туширилади. 2026 йилдан бошлаб ҳар йили республика бўйлаб камида 100 та техникумнинг моддий-техник базаси янгиланади: гап фақат бино таъмири ҳақида эмас, балки синфларни саноат ва сервис талаблари даражасидаги ускуналар билан тўлиқ таъминлаш ҳақида кетмоқда.
Инфратузилма билан бирга таълим мазмуни ҳам кучайтирилади. Режага кўра, Германия, Швейцария, Буюк Британия, Хитой ва Жанубий Кореянинг илғор стандартларини ўқув дастурларига қўшган техникумлар сони ҳам 100 тага етказилади. Натижада битирувчилар халқаро даражада эътироф этиладиган кўникмалар ва дипломларга яқинлашади.
Ҳудудлар кесимида ҳам янги модел жорий этилади: келаси йилдан Ўзбекистоннинг 7 та вилоятида, 2027 йилга бориб қолган барча ҳудудларда “илғор касбий маҳорат техникумлари” ҳамда “Касблар шаҳарчалари” иш бошлайди. Илғор техникумлар методик марказ бўлиб, тажрибани ҳудуддаги бошқа ўқув юртларига узатади, “Касблар шаҳарчалари” эса мактаб ўқувчиларини эрта касбга йўналтириб, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, “яшил” энергетика, транспорт ва хизмат кўрсатиш йўналишларида танлов қилишга ёрдам беради.
Мурожаатда “таълим – бизнес” боғлиқлиги алоҳида урғу билан қайд этилди. Кадр тайёрлашда иштирок этаётган иш берувчиларни рағбатлантириш учун дуал таълим моделини йўлга қўйган корхоналарга 7 йил муддатга 5 миллиард сўмгача имтиёзли кредитлар берилиши кўзда тутилган, шунингдек уларга тадбиркорлик барқарорлиги рейтингида қўшимча 5 балл қўшилади.
Солиқ енгилликлари ҳам давом этади: техникум битирувчилари ҳамкор корхоналарга ишга жойлашса, улар учун ижтимоий солиқ бўйича 1 фоизлик имтиёз яна уч йилга узайтирилади.
Талабалар учун ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳам янги босқичга чиқади. 2026 йилдан бошлаб 100 минг нафар техникум талабаси стипендия билан қамраб олинади — бундай кўламдаги тизим аввал амалда бўлмаган. Ўқишда юқори натижа кўрсатиб, касбий кўникмаларни чуқур ўзлаштираётганларга оширилган тўловлар ҳам берилади.
Дуал таълим тизими (назария синфда, амалиёт эса ишлаб чиқаришда) дунё тажрибасида Германияда ҳунармандлар цех тизими давридаёқ шаклланган, бироқ расмий ҳуқуқий асос 1969 йилда Германияда касбий таълим тўғрисидаги қонун (BBiG) орқали мустаҳкамланган.
