Ўзбекистонда Фанлар академияси жамғармаси ташкил этилади
Ўзбекистонда 2026 йил 1 январдан Фанлар академияси Жамғармаси иш бошлайди. Янги тузилма илм-фан соҳасини молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлайдиган асосий механизм сифатида кўзда тутилмоқда. Бу орқали олимлар ўз ғояларини амалий лойиҳаларга айлантириш учун аниқ ресурсларга эга бўлиши кутилмоқда. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.
Жамғaрма Фанлар академияси фаолиятини модернизация қилишга оид президент қарори билан ташкил этилмоқда. Режаларга кўра, янги ишланмалар сони ва улардан олинадиган даромад 3 баробарга оширилади, ёш тадқиқотчилар улуши 60 фоизга етказилади. Шунингдек, илм-фан ва саноат интеграцияси мустаҳкамланиб, халқаро ҳамкорлик кўлами кенгайтирилади.
Ҳужжатда стратегик аҳамиятга эга тадқиқотлар ва инновацион ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, ёш олимлар учун барқарор молиялаштиришни йўлга қўйиш ҳам назарда тутилган. Бу чора-тадбирлар хориждаги илмий диаспора вакилларини Ўзбекистонга қайтариш ва миллий илм-фан ривожига жалб этишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Шу билан бирга, Фанлар академияси инфратузилмаси кенгайтирилади: тизимга Илғор технологиялар маркази ҳамда Халқаро молекуляр аллергология маркази ўтказилади. Наманган, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида академиянинг ҳудудий бўлимлари очилади, Марказий Осиёда Халқаро фанлар кенгашининг минтақавий офиси ташкил этилади. Миллий археология маркази эса Антропология институтига айлантирилади.
Аввалроқ Тошкент шаҳрида назарий физиклар учун янги институт очилиши ҳақида ҳам хабар берилганди.
