Ўзбекистонда ижтимоий карталарни барча банклар чиқариши мумкин бўлади
Келаси йилнинг апрел ойидан бошлаб Ўзбекистонда ижтимоий карталарни мамлакатдаги барча банклар расмийлаштириши мумкин бўлади. Бу ҳақда ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини қайта ташкил этишга доир президент фармонида қайд этилди. Бу ҳақда kursiv.uz хабар беради.
Ҳозирча, яъни жорий йил декабр ойи охирига қадар бундай карталарни чиқариш ҳуқуқи фақат «Алоқабанк» ва Халқ банкига берилган. Шунингдек, келаси йил бошидан ижтимоий карталардан шахсни тасдиқловчи ҳужжат ёки ногиронлик тўғрисидаги маълумотнома ўрнида фойдаланиш ҳам режалаштирилмоқда.
Ижтимоий хизматлар, субсидиялар, грантлар ҳамда бошқа молиявий кўмакни ушбу карталар орқали тақдим этиш 2026 йил июлидан йўлга қўйилади. Аввалроқ тизимни феврал ойида ишга тушириш кўзда тутилган эди.
Шу муддатдан бошлаб карталар транспорт ва йўл чипталарига бериладиган имтиёзларга ҳам уланади: автобус ва таксида қатнов, шунингдек, поезд ва самолёт чипталарини харид қилишда енгилликлар тақдим этилиши кутилмоқда.
