Янги йил куни Ўзбекистонда об-ҳаво қандай бўлади?
“Ўзгидромет” 31 декабрдан 3 январгача бўлган об-ҳаво прогнозини эълон қилди. Янги йил байрами кунларида республика ҳудудларида ҳаво асосан ўзгарувчан бўлиб, айрим жойларда ёғингарчилик кузатилиши мумкин.
Қорақалпоғистон ва Хоразмда 31 декабрь кечаси ва эрталаб баъзи ҳудудларда енгил ёмғир ёғиши эҳтимоли бор. 1–3 январь кунлари ёғингарчилик кутилмайди, туман тушиши мумкин. Ҳарорат кечалари 2 даража совуқдан 3 даража илиққача, кундузлари 0–8 даража илиқ бўлади.
Бухоро ва Навоий вилоятларида 31 декабрь кечаси ёмғир ёғиши мумкин. 1–2 январь қуруқ ўтади, 3 январь айрим жойларда ёмғир қорга айланиши эҳтимоли бор. Ҳарорат кундузи 5–15 даража илиқ атрофида бўлади.
Тошкент, Самарқанд, Жиззах ва Сирдарёда 31 декабрь куни айрим жойларда ёмғир ёғади. 1–2 январь ёғингарчиликсиз, 3 январь эса баъзи ҳудудларда ёмғир ёки қор кузатилиши мумкин. Ҳарорат 3–13 даража илиқ оралиғида сақланади.
Қашқадарё ва Сурхондарёда Янги йил кунлари нисбатан илиқ об-ҳаво кутилмоқда. Айрим кунлари ёмғир ёғиши мумкин. Кундузи 7–15 даража илиқ, кечалари 0–10 даража илиқ бўлади.
Фарғона водийси вилоятларида 1 ва 3 январь айрим жойларда ёмғир ёғиши мумкин. Ҳарорат кундузлари 3–10 даража илиқ атрофида бўлади.
Тоғли ҳудудларда вақт-вақти билан ёмғир ва қор ёғади, айрим жойларда кучли бўлиши мумкин. Кечалари совуқ, кундузлари эса 0–7 даража илиқ ҳаво сақланади.
Мутахассислар байрам кунлари туман ва ёғингарчилик бўлган ҳудудларда эҳтиёткорликка риоя қилишни тавсия қилмоқда.
