«Реал» Витинья трансфери учун Винисиусни қурбон қиладими?
Мадриднинг "Реал Мадрид" клуби таркибни янгилаш режалари доирасида катта қарор остонасида турибди. Испаниянинг нуфузли Cadena SER нашри тарқатган маълумотларга кўра, «қироллик клуби» Пари Сен-Жермен ярим ҳимоячиси Витиньяни ўз сафига қўшиб олишни режалаштирмоқда, аммо бу трансфер муайян шартга боғлиқ.
Манбага кўра, мадридликлар фақатгина Винисиус Жуниор билан хайрлашган тақдирдагина Витиньяни сотиб олишга ҳаракат қилади. Агар бразилиялик юлдуз клуб билан амалдаги шартномасини узайтиришдан воз кечса, «қаймоқранглилар» уни камида 100 миллион еврога сотишни режалаштирган. Ана шу маблағ португалиялик хавбек трансферига йўналтирилиши мумкин.
Айни пайтда 25 ёшли Витиньянинг трансфер бозоридаги қиймати тахминан 110 миллион еврони ташкил этади. Унинг парижликлар билан тузган шартномаси 2029 йил ёзига қадар амал қилади ва ПСЖ раҳбарияти футболчини осонликча қўйиб юбориш ниятида эмас.
Жорий мавсумда Витинья ўзини Европадаги энг барқарор ва самарали ярим ҳимоячилардан бири сифатида кўрсатмоқда. У ПСЖ сафида барча мусобақаларда 30 та учрашувда майдонга тушиб, 6 та гол урди ва 10 та самарали узатмани амалга оширди. Унинг ўйинни бошқаришдаги ақли, майдон марказидаги фаоллиги ва юқори техникаси «Реал» скаутлари эътиборини тортгани айтилмоқда.
Шу тариқа, Витиньянинг Мадридга эҳтимолий кўчиши Винисиус тақдирига бевосита боғлиқ. Агар бразилиялик форвард жамоани тарк этса, «Реал» янги марказий фигура атрофида жамоа қуришни бошлаши мумкин. Аммо ҳозирча бу сценарий фақатгина катта трансфер ўйинидаги эҳтимолий вариант сифатида қолмоқда.
