Африка Миллатлар кубоги. Марокаш ва Мали 1/8 финалга йўлланма олди
Марокаш мезбонлик қилаётган Африка Миллатлар кубоги гуруҳ босқичи ҳал қилувчи паллага кирди. А гуруҳида 3-тур учрашувлари кескин ва мазмунли курашлар билан ёдда қолди.
Мезбон Марокаш терма жамоаси Замбияга қарши баҳсда тўлиқ устунлик қилди. Учинчи турда 3:0 ҳисобидаги ишончли ғалаба марокашликларга 7 очко жамғариб, гуруҳни биринчи ўринда якунлаш ва плей-оффга муаммосиз чиқиш имконини берди.
Учрашувда Юссеф Ал Кааби яна бир бор ўз снайперлик маҳоратини намоён этди. Ҳужумчи икки бор рақиб дарвозасини ишғол қилиб, дубл муаллифига айланди. Брахим Диас эса кетма-кет учинчи ўйинда ҳам гол уриб, турнирдаги барқарор формасини тасдиқлади. Шунингдек, Ашраф Ҳакими қарийб икки ойлик танаффусдан кейин майдонга қайтиб, мухлисларни қувонтирди.
Замбия — Марокаш 0:3
Голлар: Ал Кааби (9, 50), Диас (27).
Марокаш — Буну, Мазрауи (Ҳакими, 64), Агуерд, Масина, Шиби, Ал Айнауи, Оунаҳи, Диас (Аҳомаш, 64), Сайбари (Бен-Сегир, 64), Эззалзули (Талби, 74), Ал Кааби (Ан Носири, 74).
Гуруҳнинг иккинчи ўйинида Мали ҳамда Қамар ороллари терма жамоалари муросага келди. Голлар қайд этилмаган бўлса-да, бу натижа малиликларга 3 очко билан кейинги босқичга чиқиш учун етарли бўлди. Улар гуруҳдаги барча учрашувни дуранг билан якунлаб, плей-офф йўлланмасини қўлга киритди.
Қамар ороллари — Мали 0:0
Шу тариқа, А гуруҳида Марокаш етакчи сифатида, Мали эса иккинчи ўрин билан мусобақани давом эттиради. Мезбонлар кучли ўйини билан чемпионликка асосий даъвогарлардан бири эканини яна бир бор намоён қилди.
