Мен одам танлашни биламан: Саида Мирзиёева илк бор кенг қамровли интервью берди
Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева илк бор катта интервью бериб, давлат бошқарувидаги ўрни, Президент Шавкат Мирзиёевнинг иш услуби ҳамда мамлакатда давом этаётган ислоҳотларнинг асосий йўналишлари ҳақида батафсил тўхталди. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.
Унинг айтишича, Президент администрациясининг вазифаси аввало стратегик тусга эга: у ривожланиш устуворликларини шакллантиради, қабул қилинган қарорлар ижросини назорат қилади ва жамият билан ҳокимият ўртасида қайта алоқани таъминлайди. Бироқ тузилма бевосита кундалик оператив бошқарув билан шуғулланмайди.
Саида Мирзиёева ҳозирги даврни чуқур ислоҳотлар босқичи сифатида таърифлаб, барқарор ўзгаришлар доимий назорат, масъулият ва жамоатчилик фикрини инобатга олмасдан рўй бермаслигини таъкидлади.
Президентнинг иш услубига тўхталар экан, у давлат раҳбарининг мулоқотга очиқлиги, одамларни тинглай олиши ва жамоасига ишонишини алоҳида қайд этди. Унинг фикрича, Ўзбекистондаги ўзгаришлар фақат қатъий бошқарув қарорлари билангина эмас, балки мослашувчан ёндашув, ишонч ва жамият билан узлуксиз ҳамкорлик ҳисобига ҳам амалга ошмоқда.
Интервьюда кадрлар салоҳиятини ошириш, бошқарувчилар учун профессионал ўсиш шароитларини яратиш масаласи ҳам муҳим йўналиш сифатида кўрсатилди.
Администрация ишида беш устувор йўналиш ажратилди: сув ресурслари билан таъминлаш, таълимни ривожлантириш, соғлиқни сақлашни такомиллаштириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш. Сув масаласи аграр мамлакат учун стратегик аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Таълим ва тиббиётдаги ўзгаришлар эса узоқ муддатли вазифалар қаторига киритилди: натижа тез кўринмаслиги мумкин, бироқ барқарор тараққиёт айнан шу соҳаларсиз таъминланмайди.
Суд тизими мавзуси интервьюда алоҳида ўрин олди. Саида Мирзиёева шаффоф ва адолатли одил судлов бўлмаса, иқтисодий ислоҳотлар самараси, инвестицияларни жалб этиш ҳамда фуқароларнинг давлатга ишончини мустаҳкамлаш қийинлигини билдирди.
Шахсий қизиқишлари ҳақида гапирар экан, у халқаро дипломатия ва мулоқот йўналиши ўзига яқинлигини айтди. Унинг таъкидлашича, ҳамкорлик ва мулоқот, жумладан халқаро майдонда ҳам, якунда бир мақсадга — одамлар ҳаёти сифатини яхшилашга хизмат қилади. “Ҳар бир инсон муҳим” тамойили давлат сиёсатининг асосий мезонларидан бири экани қайд этилди.
Саида Мирзиёева Президент администрацияси раҳбари лавозимига тайинланиши сабаби сифатида давлат раҳбарини ҳудудлардаги вазият бўйича бевосита, холис ва ўз вақтида ахборот билан таъминлаш заруратини кўрсатди. Бу ёндашув жойлардаги реал муаммоларни тез аниқлаш ва ислоҳотлар ижросини самарали назорат қилиш имконини беришини билдирди.
