Зверополис 2 касса йиғими 1,5 миллиард доллардан ошди
Disney’нинг “Зверополис 2” мультфильми кинотеатрларда шиддат билан даромад йиғишда давом этмоқда. Лойиҳа глобал касса йиғимида $1,588 миллиард натижага етиб, $1,6 миллиард маррасига жуда яқинлашди. Бу кўрсаткич уни Disney тарихидаги энг кўп даромад келтирган анимацион фильмга айлантирди. Бу ҳақда playground.ru хабар беради.
Мультфильм айниқса Хитой бозорида ёрқин натижа қайд этди: у ерда картина $600 миллиондан кўпроқ ишлаб, Хитойда энг муваффақиятли голливуд кинолойиҳаси бўлди. Маҳаллий бозорда унга яқинлаша оладиган ягона рақиб сифатида “Avatar: Олов ва кул” тилга олинмоқда — у Хитойда $100 миллиондан ортиқ даромад кўрсатган.
Яна бир эътиборли жиҳат: “Зверополис 2” PG рейтингидаги фильмлар орасида $1 миллиардлик маррага энг тез етган картина бўлиб, буни премьерадан атиги 17 кун ўтиб уддалади.
2016 йилдаги фильмнинг давомий қисми 2025 йилда $1 миллиарддан ошган атиги учта фильм қаторига кирди. Бу рўйхатда “Лило ва Стич” ремейки ($1,03 миллиард) ҳамда жаҳон прокатида $2,2 миллиард билан етакчилик қилаётган хитой фильми “Нечжа” ҳам бор.
