GTA 5даги Майкл овози яна сваттинг қурбони бўлди
Grand Theft Auto V ўйинида Майкл Де Санта образига овоз берган америкалик актёр Нед Льюк навбатдаги “сваттинг” — полицияга атайлаб ёлғон хабар бериш — ҳолатига дуч келди. Бу сафар воқеа у Роб Уитгоф (Red Dead Redemptionдаги Жон Марстон овози) билан бирга олиб борган жонли эфир пайтида юз берган. Полиция ташрифи акс этган видео кейинроқ YouTube’га жойланган. Бу ҳақда playground.ru хабар беради.
Льюкнинг айтишича, 2023 йил декабридан бери у камида саккиз марта шундай қўнғироқлар сабаб “нишон”га айланган. Такрорий чақирувлар туфайли актёр маҳаллий тартиб посбонлари билан аллақачон бир-бирини танийдиган даражага етган: улар унинг уйига қуролсиз келади, ҳатто саломлашиб қўл бериб ҳам кетишади. Шунга қарамай, полиция ҳар қандай шубҳали мурожаатни текширишга мажбур — вазият қандай бўлишидан қатъи назар, манзилга боришади.
Сваттинг энг хавфли “ҳазил” турларидан бири сифатида баҳоланади, чунки у жабрланувчилар ҳам, ҳуқуқ-тартибот ходимлари ҳам учун оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Нед Льюк бу муаммо ҳақида бир неча бор омма эътиборини тортиб, бундай қилмишларни тўхтатишга чақирган.
Янгилик атрофида ижтимоий тармоқларда кинояли изоҳлар ҳам пайдо бўлди: айримлар полициячилар “шунчаки фанат, автограф учун келишяпти”, дея ҳазиллашмоқда. Бошқалар эса агар ҳолат саккиз марта такрорланган бўлса, бўлим даражасида манзил бўйича қўшимча текширув механизми — масалан, аввал Нед Льюкнинг ўзига қўнғироқ қилиб вазиятни аниқлаш — йўлга қўйилмагани нега, деган саволни ўртага ташламоқда.
