Rainbow Six Siege серверларига яна ҳужум бўлди
Rainbow Six Siege’да дам олиш кунларини тактик отишмалар билан ўтказмоқчи бўлганлар учун ёқимсиз хабар: йилолди сервер можароси ортда қолди, деган умидлар оқланмади. Вазият гўё тинчгандек кўринган, аммо бу фақат навбатдаги ҳужум олдидан қисқа танаффус бўлиб чиқди — бу сафар “совғалар” бепул валютадан ҳам баттарроқ. Бу ҳақда playground.ru хабар беради.
Ўйинчилар Ubisoft шутерида янги бузиб киришлар тўлқини бошланганини оммавий тарзда ёзмоқда. Таъкидлашларича, хакерлар ҳалол фойдаланувчиларнинг аккаунтларини блоклаш йўлини топган: уларга “Ўта тажовузкор хулқ” (Harassment Offense) банди билан аниқ 67 кунга бан қўйилгани ҳақида билдиришнома келмоқда. 67 рақами ҳам бежиз эмас — у ҳамжамиятдаги машҳур “6-7” мемига ишора сифатида талқин қилинмоқда.
Ҳужум қурбонлари орасида оддий ўйинчилар билан бирга таниқли медиа шахслар ҳам бор. Машҳур стример ва контент яратувчи VarsityGaming ҳам ўйинга кирганида аккаунтида худди шундай блоклашни кўрганини очиқ айтди.
Муаммо Ubisoft Service Status расмий порталидаги ҳолат билан ҳам тасдиқланмоқда. Носозликлар барча платформаларда — ПК ва консолларда кузатилмоқда: аутентификация, матчмейкинг ва ўйиндаги дўкон деярли ишламай қолган. R6Fix баг-репорт сайтида эса 1200 дан ортиқ шикоят қайд этилиб, масалага “критик” мақоми берилган.
Эслатиб ўтамиз, Rainbow Six Siege тахминан икки ҳафтадан бери тинчимаяпти. 27 декабр куни вазият кескинлашиб, хакерлар ўйин тизимига аралашган ҳолда фойдаланувчиларга 2 миллиард кредит ёзиб берган ва тизим логларида Ubisoft ходимлари ҳамда компания раҳбари Ив Гийомо номига ҳақоратли хабарлар қолдирганди. Ўшанда ишлаб чиқувчилар “синчков тестлар” ва аккаунтлар яхлитлигини кафолатлашни ваъда қилган, аммо бугунги ҳолат хавфсизликдаги тешик ҳануз ёпилмаганини кўрсатмоқда.
