Самарқандлик фуқаро дарахтларни ноқонуний кесгани учун жаримага тортилди
Самарқанд шаҳрида дарахтларни рухсатсиз кесиб ташлаган фуқаро 25 миллион сўмдан ортиқ миқдорда тўловларга тортилди.
Ижтимоий тармоқларда “Ватанпарвар” маҳалласида кўп йиллик дарахтлар кесилаётгани акс этган видео тарқалганидан сўнг шаҳар экология бошқармаси ҳолатни ўрганди.
Текширув натижасида фуқаро ҳеч қандай рухсатномасиз 7 туп мева ва манзарали дарахтни, шунингдек, табиий ҳолатда ўсиб турган 10 туп бутани кесиб ташлагани аниқланган. Ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарга маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 10,3 млн сўм жарима белгиланди. Бундан ташқари, табиатга етказилган зарар учун 15,45 млн сўм миқдорида компенсация тўлаш мажбурияти юклатилди.
