Болалар учун сохта хайрия орқали фирибгарлик қилган шахс ушланди
Жиззахда болалар учун сохта хайрия йиғиб, интернет орқали фирибгарлик қилган шахс ушланди. Ўзбекистонда болаларни даволаш учун хайрия йиғиш ниқоби остида ижтимоий тармоқлар орқали пул тўплаб, одамларни алдаган шахс фош этилди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида ноқонуний фаолият билан шуғулланган гумонланувчи қўлга олинди.
Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот хизматининг маълум қилишича, ҳолат болалардан бирининг отаси ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилганидан сўнг аниқланган. У интернет тармоқларида фарзандининг фотосуратлари ва даволаниши учун хайрия пули йиғилаётгани ҳақида хабар тарқалаётганини билдирган ҳамда маълумотларнинг ноқонуний тарқалишига чек қўйишни сўраган. Шу мурожаат ортидан вазият текширувга олинган.
Текширув давомида ушбу фирибгарликни 26 ёшли Тошкент вилоятида яшовчи фуқаро содир этгани аниқланган. У аввал касал бўлган, аммо ҳозирда соғайиб кетган болаларнинг асл фотосуратларидан фойдаланган ҳолда, ўзини уларнинг ота-онаси сифатида таништириб, ижтимоий тармоқларда хайрия йиғиш эълонларини жойлаштирган. Энг ачинарлиси, айнан болалар мавзуси орқали одамларнинг ишончи ва раҳм-шафқатини “ушлаб”, хайрияга ўхшатиб кўрсатган. Йиғилган маблағлар эса шахсий банк карталарига келиб тушган ва шахсий эҳтиёжлари учун сарфланган.
Мазкур ҳолат юзасидан гумонланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми — ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда фирибгарлик содир этиш аломатлари билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, ҳолатнинг бошқа эпизодлари бор-йўқлиги ҳам ўрганиляпти.
Қонунчиликка мувофиқ, мазкур жиноят учун 300 дан 400 баравар базавий ҳисоблаш миқдори (123 миллион сўмдан 164 миллион сўмгача) жарима, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.
