Винисиус қарорини маълум қилди: “Реал”дан кетиш ниятим йўқ...
Винисиус Жуниор атрофидаги гап-сўзлар ҳали ҳам тўхтагани йўқ. Сабаб оддий: бразилиялик юлдузнинг “Реал” билан амалдаги шартномаси тугашига бир ярим йилдан ҳам камроқ вақт қолган. Мана шу “саноқ” фонида ҳар қандай миш-миш тезда катта мавзуга айланиб кетяпти.
Бироқ Defensa Central нашри маълумотига кўра, Винисиус келажаги бўйича ички қарорни аллақачон қилиб қўйган. Манба таъкидлашича, у ҳар қандай ҳолатда ҳам “Реал”ни тарк этишни истамаяпти. Аксинча, Винисиус Мадрид гранди билан ҳамкорликни давом эттириш, шартномани узайтириш ва ўз келажагини айнан “Сантьяго Бернабеу” билан боғлашга умид қилмоқда.
Хабарда келтирилишича, футболчи бу клуб ҳақида жуда ҳиссий хулосага келган:
“Винисиус ‘Реал’ футболчиси бўлиш у билан содир бўлган энг яхши нарса, деган хулосага келди ва у бу туйғудан воз кечмоқчи эмас”.
Бу гаплар Винисиуснинг “Реал”даги ўрни фақат майдондаги роль билан чекланмаслигини кўрсатади. Унинг учун бу клуб — шунчаки иш жойи эмас, карьерасининг энг катта саҳнаси, энг юқори даражадаги чақирув ва энг катта орзуга тенг манзил.
Айни пайтда статистика ҳам унинг мавсум давомида жамоага қанчалик фойда келтираётганини кўрсатади. Винисиус Жуниор 2025/2026-йилги мавсумда 28 та ўйинда майдонга тушиб, 6 та гол ҳамда 8 та голли узатмани ўз ҳисобига ёздириб қўйган. Яъни у фақат якунловчи эмас, балки ҳужумни очиб берадиган, шерикларига имконият яратадиган фигура сифатида ҳам муҳим.
Энди энг асосий интрига битта: “Реал” бу қарорга қандай жавоб қайтаради? Агар томонлар музокараларни тезроқ “соғлом” йўлга қўйса, бу мавзу узоққа чўзилмайди. Чўзилса эса — ҳар тур, ҳар гол, ҳар бир омадсиз ўйин янада кўпроқ савол туғдираверади. Аммо Винисиуснинг позицияси аниқ: у Мадридда қолишни хоҳлаяпти.
