Янги ID-карталар OneID тизимига автоматик уланади
Президент Шавкат Мирзиёев 19-январ куни миграция ва шахсни тасдиқлаш тизимини рақамлаштиришнинг навбатдаги босқичига доир қарорни имзолади. Ҳужжат фуқаролар учун электрон давлат хизматларидан фойдаланишни енгиллаштириши, шунингдек, чет элликлар ва талабаларнинг мамлакатда бўлиш тартибига қатор ўзгартиришлар киритиши кўзда тутилган. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.
1-февралдан бирламчи ID-карта (миллий паспорт) расмийлаштирилганда ҳужжат чипига электрон рақамли имзо (ЭРИ) сертификати бепул ёзилади. Шу билан бирга, фуқаролар автоматик тарзда ва тўловсиз “Электрон ҳукумат”нинг ягона идентификация тизими — OneID’га рўйхатдан ўтказилади. Натижада, янги паспорт эгаси ҳужжатни олиши биланоқ давлатнинг онлайн сервисларидан қўшимча рўйхатдан ўтмасдан фойдаланиши мумкин бўлади.
Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга доир тартиблар ҳам қайта кўриб чиқилмоқда. 2026-йил 1-майдан Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш департаментига электрон кириш визаларини бир марта 30 кунгача узайтириш ваколати берилади. Бундан ташқари, республика ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни расмийлаштириш функциялари ҳам департамент ва унинг ҳудудий бошқармаларига юклатилиши.
Жараёнларни тезлаштириш мақсадида ички ишлар органлари раҳбарларига миграция бўлинмаларида қўшимча штат бирликларини жорий этишга рухсат берилди. Бунда харажатлар хорижий мутахассисларни жалб қилаётган ташкилотлар маблағлари ҳисобидан қопланади.
2026-йил 1-сентябрдан талабаларни рўйхатга олишда “композит тартиб” жорий этилади. Эндиликда талабанинг яшаш манзили бўйича рўйхати у талабалар ётоқхонасига жойлаштириш бўйича шартнома тузилиши билан автоматик расмийлаштирилади. Бу кўчиб киргандан кейин қўшимча маълумотнома йиғиш ва идораларга қатнаш заруратини бартараф этади.
Янги тартиблар бюрократияни қисқартириш ҳамда Ўзбекистон аҳолиси, хорижий инвесторлар, мутахассислар ва талабалар учун шаффоф рақамли муҳитни кучайтиришга қаратилган.
