Забарний ПСЖ ғалабасидан кейин жамоанинг кучини айтди
Франция чемпионати 19-турида ПСЖ сафарда "Осер"ни 1:0 ҳисобида мағлуб этди. Учрашув тақдирини якунга келиб қанот ҳужумчиси Бредли Баркола киритган ягона гол ҳал қилди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Ўйиндан сўнг ҳимоячи Иля Забарний натижа ва жамоа кайфияти ҳақида фикр билдирди.
Унга кўра, ПСЖ охиригача рақибни сиқиб боришига ишонган: парижликлар ҳеч қачон тўхтаб қолмайди, ҳисоб қандай бўлишидан қатъи назар ҳужумни давом эттириб, темпни ушлаб туради. Забарний гол урилиши фақат вақт масаласи бўлганини таъкидлади.
Бу ғалабадан кейин Луис Энрике шогирдлари 45 очко жамғараб, Лига 1 жадвалида пешқадам бўлиб турибди. ПСЖ "Ланс"дан икки очкога олдинда бормоқда.
