Тошкентда сохта косметолог эр-хотинлар судланди ва қамалди
Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида сохта косметолог эр-хотинлар фаолияти барҳам топтирилди.
Маълум бўлишича, эр-хотин “косметолог”лар Чилонзор туманининг Арча кўчасидаги кўп қаватли уйларнинг ертўласида юз терисида жарроҳлик амалиётларини ўтказиб келган. Яъни улар махсус рухсат ва қонуний асосларсиз, норасмий шароитда “амалиёт” қилиб, одамлар саломатлигини хавф остига қўйган.
Ўтказилган амалиётлардан жабрланган бир қанча аёллар тегишли идораларга эр-хотин устидан арз- шикоят қилган. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, Чилонзор туман судида эр-хотин косметологларга нисбатан жиноий иш кўриб чиқилган.
Судда қатнашган жабрланувчи аёлнинг сўзларига кўра, косметолог эркак ичган ҳолатда унинг юзини кесган. Жароҳат чуқур бўлгани учун жуда ҳам кўп қон оққан. Сўнгра эркак ишни хотинига ташлаб, ўзи чиқиб кетган. Унинг хотини эса лазер билан кесилган жойни куйдиришга уринган. Кечқурун бошланган “операция” эрталабги соат олтигача давом этган. Шундан кейин жабрланувчи аёл 5 кун кома ҳолатига тушиб қолган.
Мазкур ҳолат юзасидан косметолог эрга нисбатан Жиноят кодексининг 186-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) 2-қисми “б”, “в”, “г” бандлари билан айбли деб топилиб, 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган ва суд залида қамоққа олинган. Унинг хотинига эса худди шу моддалар билан айблов қўйилиб, 3 йил озодликдан чеклаш жазоси белгилаб берилган.
