Сенат исломий банк хизматларини жорий этишга йўл очди
Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида мамлакат молия тизими учун янги саҳифа очиши мумкин бўлган муҳим қонун муҳокама қилинди. Гап «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини жорий этишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги Қонун ҳақида бормоқда.
Таъкидланганидек, бугун молиявий хизматлар қамровини кенгайтириш, аҳоли ва бизнес учун янада қулай ва турфа банк маҳсулотларини таклиф қилиш зарурати тобора кучаймоқда. Айниқса, халқаро исломий молия стандартларига мос келадиган муқобил хизматлар бозорда талабга эга экани қайд этилди. Шу эҳтиёждан келиб чиқиб, мазкур Қонун билан 2 та кодекс ҳамда 7 та қонунга исломий банк фаолиятининг ҳуқуқий асосларини белгилайдиган янги нормалар киритилмоқда.
Энг асосий янгиликлардан бири — исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи алоҳида лицензия тури жорий этилиши. Унга мувофиқ, банклар энди икки хил йўлдан бирини танлаши мумкин бўлади: тўлиқ исломий банк моделида ишлаш ёки бир вақтнинг ўзида ҳам анъанавий, ҳам исломий банк хизматларини параллел тарзда йўлга қўйиш. Бу эса бозорда рақобатни кучайтириши ва мижоз танловини кенгайтириши кутилмоқда.
Шунингдек, исломий молия масалаларини мувофиқлаштириш учун Марказий банкда, шунингдек, исломий банк фаолиятини амалга оширадиган банкларда исломий молия кенгашини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Ушбу кенгаш фаолиятига доир талаблар ҳам аниқ белгилаб қўйилаяпти. Яъни, тизим “ўз йўлига тушиб кетади” деб қолдирилмайди — унинг қоидалари ва назорат механизми ҳам бирга шакллантирилмоқда.
Яна бир катта ўзгариш солиқ йўналишида кўринди. Исломий молия операцияларининг ўзига хос жиҳатлари инобатга олиниб, Солиқ кодексига алоҳида боб киритиляпти. Унга кўра, исломий молия фаолиятидан олинган даромадлар солиқ солиш мақсадларида фоизли даромадларга тенглаштирилади. Шу билан бирга, банклар ва микромолия ташкилотлари томонидан мижозга реализация қилинадиган товарларга қўйиладиган устама қиймати қўшимча қиймат солиғидан (ҚҚС) озод қилинади. Бу эса операцияларни “солиқда икки марта уриб кетадиган” ҳолатларнинг олдини олишга қаратилгани билан аҳамиятли.
Сенаторлар фикрича, мазкур Қонун аҳоли ва тадбиркорлар учун молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиради, бозорда рақобат муҳитини яхшилайди, шунингдек, банк-молия соҳасига янги стратегик инвесторларни жалб қилишга хизмат қилади.
Муҳокама якунида Сенат Қонунни маъқуллади. Демак, эндиликда исломий банк хизматлари бўйича ҳуқуқий майдон шаклланяпти — бу эса молия бозорида “янги ўйинчи ва янги қоида”лар дегани.
