Масқатда АҚШ-Эрон музокаралари бошланди: Теҳрон эҳтиёткор оптимист
Уммон пойтахти Масқатда АҚШ ва Эрон ўртасида Ислом Республикасининг ядровий дастури бўйича билвосита музокараларнинг биринчи раунди якунланди. Дастлабки учрашувдан кейин Теҳрон эҳтиёткорона ижобий кайфият билдирди: Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арағчи “бошланиш яхши” дея баҳолаб, энди “ишончсизлик девори”ни енгиб ўтиш кераклигини таъкидлади.
Ҳозирча музокаралар қачон давом этиши аниқ айтилгани йўқ. Арағчига кўра, ҳар икки делегация маслаҳатлашувлар учун ўз пойтахтларига қайтиб кетади. Шу билан бирга, Axios мухбирӣ Барак Равид манбаларга таяниб, навбатдаги раунд “яқин кунларда” бўлиши мумкинлигини ёзгани ҳақида хабарлар тарқади.
Музокараларнинг “кайфияти”га эса Уммон ташқи ишлар вазири Бадр ал-Бусаидий берган баҳо анча аниқ: у бу жараённи “жуда жиддий” деб атади ва Xдаги изоҳида алоҳида учрашувлар ҳар икки томон қарашларини равшанлаштириш ҳамда эҳтимолий илгарилаш нуқталарини белгилашга хизмат қилганини айтди.
Энг асосий тортишув — нима ҳақида гаплашилади, нима ҳақида гаплашилмайди. Эрон позициясига кўра, кун тартиби икки масала билан чекланиши керак: ядровий дастур ва санкцияларни эҳтимолий юмшатиш. АҚШ томони эса кенгроқ доирани истайди: ракета дастури ва Эроннинг минтақадаги иттифоқчиларига кўмак масалалари, жумладан ҲАМАС, Ҳизбуллоҳ ҳамда Ямандаги ҳусийлар.
Фон эса шунчаки “дипломатик” эмас — ўта таранг. Оммавий манбаларда йил бошидан бери АҚШ минтақада ҳарбий иштирокни кучайтиргани, Вашингтон томони босимни ошираётгани, Доналд Трамп эса бир неча бор кескин огоҳлантиришлар бергани тилга олинади. Эрон эса эҳтимолий ҳужумга алоқадор сценарийларда Форс кўрфазидаги АҚШ базалари жойлашган давлатларга жавоб зарбаси ҳақида қатъий сигналлар бериб келмоқда.
Қисқаси, Масқатдаги биринчи раунд “муаммолар ечилди” дегани эмас — бу кўпроқ музокара канали очиқ қолгани ва кейинги қадамга “жўнатилган пас”га ўхшайди. Энди асосий савол: томонлар пойтахтлардаги ички келишувлардан кейин қайта учраша оладими ва кун тартибидаги “қизил чизиқлар”ни қай даражада яқинлаштира олади?
