Қозоғистонда 31 та магнит ютган бола операция билан қутқарилди
Қозоғистонда шок ҳолат: 1 ёш 9 ойлик бола 31 та магнитни ютиб юборган, натижада унинг ҳаёти жиддий хавф остида қолган. “Казинформ” хабарига кўра, кичкинтой Олмаотадаги шифохонага жуда оғир аҳволда олиб келинган.
Текширувлар пайтида боланинг ичагида кўплаб магнитлар борлиги маълум бўлган. Шифокорлар ингичка ичакнинг бир неча нуқтасида тешилиш пайдо бўлганини, қорин бўшлиғида эса яллиғланиш кучайиб бораётганини қайд этган. Бундай вазиятда вақт “олтин” эмас — тўғридан-тўғри ҳаёт-мамот масаласи.
Мутахассислар болани сақлаб қолишнинг ягона йўли шошилинч операция эканини айтган. Жарроҳлар лапаротомия усулида қорин бўшлиғини очиб, магнитларни чиқариб олган, шикастланган жойларни тиккан, қорин бўшлиғини тозалаб, дренаж ўрнатган.
Энг хавфлиси — магнитлар алоҳида-алоҳида ютилган бўлса ҳам, ичак ичида бир-бирига тортилади. Орага ичак деворлари қисилиб қолади, қон айланиши издан чиқади, тўқималар зарар кўради, тешиклар ҳосил бўлади ва қисқа вақт ичида перитонит ривожланиши мумкин.
Болалар шошилинч тиббий ёрдам маркази жарроҳи Асқар Ризванов ҳам айнан шу жиҳатга урғу берган: ота-оналар кўпинча аҳвол қанчалик тез оғирлашишини тасаввур қилмайди.
Мутахассислар эса яна бир бор огоҳлантирмоқда: ҳатто битта магнит ютилган бўлса ҳам, кечиктирмасдан шифокорга мурожаат қилиш шарт. Бир нечта магнит эса бола ҳаёти учун бевосита хавф дегани. Шунинг учун уйдаги майда магнитли ўйинчоқлар ва деталлар “болалардан узоқ” қоидасида туриши керак.
