Мартинес Роналдунинг қачон тўхташига изоҳ берди
Португалия терма жамоаси бош мураббийи Роберто Мартинес Криштиану Роналду қачон футболчилик фаолиятини якунлаши мумкинлиги ҳақидаги саволга муносабат билдирди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Февраль бошида 41 ёшни қарши олган ҳужумчи ҳақида гапирар экан, Мартинес унинг жисмоний ҳолати ҳали узоқ вақт юқори даражада ўйнашга етишини таъкидлади.
BBC билан суҳбатда мураббий: «Унинг жисмоний кўрсаткичлари ҳали яна ва яна ўйнашга мос. Менимча, гап шундаки, у қачон ўзи учун тўғри пайт келганини ҳис қилади. Роналду жуда ўзига талабчан. У жамоага фойдаси тегмай қолганини англаган заҳоти, тўхташ ҳақида қарор қабул қилади», деди.
Клуб даражасида Роналду Саудия Арабистонининг «Ал-Наср» жамоасида тўп сурмоқда. Хабарларга кўра, у шанба куни бойкотдан кейин таркибга қайтиши кутилмоқда.
Қайд этилишича, юлдуз футболчи клуб бошқарувидан норози бўлиб, бир нечта ўйинни ўтказиб юборган.
«Ал-Фатеҳ» — «Ал-Наср» учрашувини LiveResult сайтида матнли трансляция орқали кузатиш мумкин бўлади.
