Гарри Кейн 21 асрда пеналтилардан энг кўп гол урган учинчи футболчи бўлди
«Бавария» ҳужумчиси Гарри Кейн фаолиятидаги 100-пеналтини аниқ амалга оширди. Англиялик форвард Бундеслигада «Вердер»га қарши ўйинда (3:0) 11 метрлик зарбани голга айлантирди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Ўша учрашувда 32 ёшли футболчи яна бир муҳим маррани ҳам қайд этди — у умумий ҳисобда фаолиятидаги 500-голига етди.
FIFA World Cup Stats маълумотига кўра, Кейн 21 асрда пеналтилардан 100 та гол урган атиги учинчи футболчига айланди. Бу кўрсаткич бўйича ундан фақат Криштиану Роналду (181) ва Лионель Месси (112) юқорида турибди.
Эслатиб ўтамиз, Гарри Кейн 2023 йилда «Тоттенҳэм»дан «Бавария» сафига ўтганди. У фаолиятининг катта қисмини Лондон клубида ўтказган.
