Андижондан учган самолёт Мадинага етолмай ортга қайтди
Эрон ҳудудида бошланган ҳарбий ҳаракатлар фонида Яқин Шарқ йўналишларида парвозлар билан боғлиқ жиддий чекловлар жорий этилди. Хусусан, Эрондаги кескин вазият сабабли Ўзбекистондан Саудия Арабистонининг муқаддас шаҳарларига амалга ошириладиган барча рейслар вақтинча бекор қилинди.
Шу сабабли Андижондан Мадинага қараб ҳавога кўтарилган самолёт бортидаги йўловчилар ярим йўлдан ортга қайтишга мажбур бўлди. Маълум қилинишича, парвоз давомида хавфсизлик нуқтаи назаридан маршрут ўзгартирилган ва самолёт Ўзбекистонга қайтарилган.
Айни пайтда Мадина ҳамда Жидда йўналишидаги барча парвозлар тўхтатилган. Умра зиёрати учун рейслар қачон қайта йўлга қўйилиши ҳозирча номаълум бўлиб қолмоқда.
Масъул ташкилотлар вазиятни диққат билан кузатиб бораётгани, йўловчиларга эса расмий манбалардаги янгиликларни мунтазам кузатиб бориш тавсия этилмоқда.
