Финалиссима бўйича якуний қарор ҳали эълон қилинмади
Қатарда минтақадаги жанговар ҳаракатлар фонида барча футбол мусобақалари вақтинча тўхтатилди. Шу сабабли Аргентина ва Испания терма жамоалари ўртасидаги Финалиссима учрашуви қолдирилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Машҳур журналист Гастон Эдулнинг маълум қилишича, ҳозирда УЕФА, КОНМЕБОЛ ва ФИФА вазиятни кузатиб турибди ва шошилинч хулоса чиқармаяпти. Бир неча кун ичида улар Қатар ҳукумати билан биргаликда Финалиссима тақдири бўйича қарор қабул қилади.
Аргентина ва Испания кубок учун 27 март, жума куни баҳс олиб бориши керак. Учрашувни Қатарда ўтказиш режалаштирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги Финалиссима 2022 йил июнида бўлиб ўтганди ва унда Аргентина Италияни 3:0 ҳисобида йирик мағлубиятга учратган.
