Яқин Шарқдаги уруш сояси нефт бозорида янги нарх шокини бошлади
Яқин Шарқдаги кескинлик кучайиши билан нефт бозори яна жиддий тебранишга тушди. Савдолар очилишида Brent маркали нефт нархи кескин сакраб, бир баррель учун 80 доллардан юқори кўрсаткичга чиқди. Айрим пайтда у 82 доллардан ҳам ошиб, сўнгра бироз орқага чекиниб, 79 доллар атрофида шаклланди. Бу эса бозорда хавотир, таъминот узилишига оид қўрқув ва инвесторлар эҳтиёткорлиги яна кучайганини кўрсатди. Reuters маълумотига кўра, Brent бир пайтнинг ўзида 82,37 долларгача кўтарилган.
Таҳлилчиларнинг аксарияти бу ўсишни шунчаки бир кунлик ҳаяжон деб баҳоламаётир. Citigroup мутахассислари яқин ҳафтада Brent нархи камида 80–90 доллар оралиғида қолиши мумкинлигини айтмоқда. Яъни бозор ҳозир оддий иқтисодий сигналлар эмас, балки геосиёсий хавфлар билан бошқарилаётган паллага кирган. Агар минтақадаги вазият юмшамаса, нархлар янада юқори нуқталарга чиқиши ҳеч кимни ҳайратда қолдирмайди.
Бозордаги кайфиятни янада кескинлаштираётган жиҳат — Форс кўрфазидаги ташиш йўллари ва танкер ҳаракати билан боғлиқ хатарлардир. Reuters ва бошқа манбаларга кўра, Ормуз бўғози атрофидаги ҳаракат жиддий издан чиққан, логистика секинлашган, айрим компаниялар эса юк ташишни қайта кўриб чиқмоқда. Шу сабаб Wood Mackenzie ва бошқа бозор иштирокчиларига ўхшаш таҳлилчилар, агар навигация тезда тикланмаса, нефт 100 доллардан ҳам ошиб кетиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирмоқда. Reuters материалларида ҳам узоққа чўзилган узилиш Brent’ни 100 доллардан юқорига суриши мумкинлиги айтилган.
Айрим банклар ва инвестиция уйлари ўз прогнозларини юқорига қараб қайта кўриб чиқмоқда. Morgan Stanley аввалги нисбатан паст баҳоларни ошириб, яқин даврда геосиёсий “риск-премия” нефть нархида сақланиб туришини таъкидлади. Бу дегани, бозор ҳозир нафақат реал таъминот, балки уруш хавфи учун ҳам қўшимча нарх тўлаяпти. Қисқаси, харидор ҳам, сармоядор ҳам ҳозир ҳар бир хабарни баррель нархига айлантираётган вазият юзага келган.
Нефтдаги бу силжиш фақат энергия бозори билан чекланиб қолмади. Олтин каби хавфсиз активлар аввал кескин қимматлашди, кейин эса қисман орқага тортди. Глобал акция бозорлари савдо бошида пасайди, кейин айрим йўқотишларнинг бир қисмини қоплашга ҳаракат қилди. Яъни сармоя бозорида классик манзара кузатилмоқда: хавф ортади — пул хавфсиз паноҳ излайди, биржалар эса босим остида қолади.
Форс кўрфазида молиявий майдон ҳам бундан четда қолмади. Бирлашган Араб Амирликлари регулятори Абу-Даби ва Дубайнинг асосий фонд бозорлари 2 ва 3 март кунлари ёпилишини эълон қилди. Расмий баёнотда вазият доимий кузатилаётгани ва зарурат туғилса қўшимча чоралар кўрилиши айтилган. Бу қарорнинг ўзи ҳам минтақадаги хавотир нақадар жиддий эканини яққол кўрсатиб турибди.
Хулоса оддий, лекин қаттиқ: уруш нефт нархини фақат кўтармаяпти, балки бутун бозор психологиясини ўзгартиряпти. Ҳозир барча нигоҳ бир нуқтада — можаро қанча давом этади ва Ормуз бўғозидаги ҳаракат қанчалик тез тикланади? Агар вазият юмшамаса, нефть, газ, инфляция ва ҳатто кундалик товарлар нархида ҳам янги босим тўлқинини кўришимиз мумкин. Бозор ҳозир нервда, нефт эса шу нервнинг энг сезгир кўзгусига айланди.
