Қатарда 11 ёшли ўзбекистонлик бола ЙТҲда ҳалок бўлди
Қатарда содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида Ўзбекистон фуқароси бўлган 11 ёшли бола ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар қилди.
Маълумотларга кўра, Тошкент шаҳрида туғилган 11 ёшли М.А. Қатарда сафарда бўлган пайтда йтҳга учраган. Ҳодиса автотранспорт воситаси бошқаруви йўқотилгани ортидан юз бергани, бола эса бош қисмига олган оғир тан жароҳатлари сабаб воқеа жойида вафот этгани қайд этилмоқда.
Хабар келиб тушиши билан Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхонаси Қатарнинг тегишли идоралари билан ҳамкорликда марҳумнинг дафн маросимини ташкил этишда амалий ёрдам кўрсатган.
Манбада таъкидланишича, минтақадаги мавжуд вазият ҳамда транспорт-логистика билан боғлиқ чекловлар инобатга олинган. Шунингдек, оиланинг розилиги асосида марҳумнинг жасади барча миллий ва диний анъаналарга мувофиқ равишда Қатарда дафн этилган.
Эслатиб ўтамиз, февраль ойи бошларида Нью Йорк шаҳрида ҳам 11 ёшли ўзбекистонлик қиз йтҳ оқибатида ҳалок бўлганди. У чорраҳани пиёдалар йўлагидан кесиб ўтаётган вақтда мактаб автобуси уриб юборгани хабар қилинган.
